Олти араб давлати ТИВ раҳбарлари Москвага боради
Улар Россия-Украина музокараларига кўмак бермоқчи.

Араб давлатлари Украина ва Россия музокараларига кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда Араб давлатлари лигаси бош котиби ёрдамчиси Хусам Закий маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, шу мақсадда лига бош котиби Аҳмад Абу ал-Гейт бошчилигидаги олти араб давлати ташқи ишлар вазирлари делегацияси Москвага боради.
“Украина билан ҳам, Россия билан ҳам дўстона алоқаларга эга араб давлатлари инқирозни сиёсий воситалар билан ҳал қилиш ва ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши йўлларини излашга тайёр” , – деган Закий.
Унинг қўшимча қилишича, Миср, Иордания, Ироқ, Жазоир, БАА ва Судан ташқи ишлар вазирлари тез орада Москвага боради ва 4 апрель куни музокаралар ўтказади. Дипломат унда Украина томони ҳам иштирок этишини истисно этмади.
Аввалроқ Лондон Россия ва Украина тинчлик шартномасини имзоланишига қаршилик қилаётгани тўғрисида хабар берилганди.







