Ўзбекистон Қирғизистондаги йирик лойиҳага инвестиция киритиши мумкин
Унинг миқдори май ойида эълон қилиниши кутилмоқда.

Қирғизистонда май-июнь ойларида Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши бошланади. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Доскул Бекмурзаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу сўнгги 40-50 йилдаги энг йирик лойиҳа бўлади. ГЭС сув омборида 5 миллиард кубометр сув тўпланиши мумкин.
Бекмурзаев қурилишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам иштирок этишини қўшимча қилди. Аммо улар киритадиган инвестиция миқдори ҳозирча маълум эмас. Вазир бу бўйича май ойида аниқ келишувга эришилишини қайд этган.
Қамбар-Ота ГЭС-1 Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида, Норин дарёсида қурилади.
Аввалроқ Сурхондарёда янги ИЭС қурилишига старт берилгани тўғрисида хабар қилинганди.







