Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Парламенти раисини қабул қилди
Президент матбуот хизмати учрашув тафсилотларини маълум қилди.

Бугун, 1 апрель куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафаровани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Парламент раҳбари Ўзбекистон етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Учрашувда умумий тарихий илдизлар, ягона дин, муштарак тил, маданият, анъана ва қадриятлар Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг асоси бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилган. Ушбу мустаҳкам пойдеворга таянган ҳолда кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришилган.
Таъкидланишича, ҳамкорликнинг барча соҳаларида – иқтисодиёт, сиёсат, парламентлараро алоқалар, маданият ва ижтимоий соҳада муваффақиятларга эришилмоқда. Барча даражаларда фаол мулоқотлар, расмий делегациялар, бизнес ва жамоатчилик вакилларининг ўзаро ташрифлари давом эттирилмоқда.
Кейинги йилларда, пандемияга қарамай, товар айирбошлаш 4 карра ошган. Жорий йил бошидан савдо 25 фоизга ошган. Икки юздан ортиқ қўшма корхона ташкил этилган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари ўртасида яқин ва кўп қиррали шериклик йўлга қўйилгани ҳам ушбу ижобий натижаларга хизмат қилган.
“Айни пайтда парламентлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг бевосита вакиллари сифатида “халқ дипломатиясини” илгари суриш, шу жумладан ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутишлари керак”, дейиладит расмий хабарда.








