ДХХ сохта пул ишлаб чиқарувчиларни қўлга олди
Улар 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки банкнотни муомалага чиқариб юборган.

ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда қалбаки пул тайёрлаб, уни муомалага чиқариш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди.
Жумладан, Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Бухоро шаҳрига бориб, 10 млн 100 минг сўм миқдоридаги қалбаки миллий валютани 600 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг унинг жиноий шериги, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро 600 АҚШ долларини қабул қилиб олган вақтида ушланган. Унинг яшаш манзилида 2 млн 150 минг сўм миқдорида қалбаки банкнотлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Суриштирув ҳаракатлари давомида қалбаки пуллар аслида Андижон шаҳрида тайёрланиши маълум бўлган.
Дастлаб Андижон шаҳрида яшовчи шахс ўзининг “Дамас” русумли автомашинасида 3 млн 200 минг сўм миқдоридаги 64 дона 50 минг сўмлик қалбаки банкнотларни олиб кетаётган вақтида қўлга тушган.
Сўнгра мазкур қалбаки пулларни тайёрловчи фуқаронинг уйидан пул тайёрлашда керак бўладиган буюмлар ҳамда 14 млн 550 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Таъкидлашича, жиноий гуруҳ умумий миқдорда 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни тайёрлаб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгурган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








