Зангиота туман ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
У хусусий тадбиркордан 15, 5 минг доллар пора олган.

Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси ва туман кадастр бўлими собиқ ходими 15 500 АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, улар ўзаро тил бириктириб, хусусий тадбиркорга “Мевазор” МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар-жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Зангиота туман ҳокимининг ўринбосари Жасур Усмоналиевга Жиноят кодексининг 167, 205 ва 209-моддалари билан айблов эълон қилиниб, қидирувга берилгани хабар қилинганди.








