Тошкентда неварасини яширган бобо ва буви қидирувга берилди
Улар набирасини унинг отасига бермаслик учун шундай қилишган.

Тошкентда набирасини яширган бобо ва буви (эр-хотин Асқарходжаевлар) Мажбурий ижро бюросининг пойтахт бошқармаси томонидан қидирилмоқда.
Хабар қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 25 ноябрь кунги ижро варақасига асосан, эр-хотин Асқарходжаевлардан вояга етмаган набирасини даъвогар Ф. Алимов (вояга етмаган боланинг отаси) тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Ижрочиларнинг тушунтиришига қарамай жавобгарлар томонидан суд қарори ижроси ҳалигача таъминланмаган. Ҳатто суд қарорида белгиланган мажбуриятни бажармаганлиги учун маъмурий жарима солиниши ҳам вазиятни ўзгартирмаган.
Айни пайтда жавобгар ва унинг набирасини топиб бўлмай қолган ва Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига асосан болага нисбатан қидирув эълон қилинган.
Ҳозирда МИБ томонидан қидирув ишлари олиб борилмоқда.








