Маданият институти талабаси 4 минг доллар пора билан ушланди
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши очилган.

Тошкент шаҳрида магистратурага ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган кафедра мудири ва унинг шериги кўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг талабаси фуқарони институт кафедра мудири орқали магистратура босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Шундан сўнг унинг кўрсатувига асосан давом этган тезкор тадбирда кафедра мудири талабадан 4 000 АҚШ долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








