Уста ота
Инсон ўз хатоларини тўғирлаши, кечириши мумкин, аммо боласининг қилмишлари учун бир умр ўзини айблаб яшаркан.

“Бу инсонни кўп эслайман. Камсуқум, одмигина одам. Мактабимизнинг биринчи қаватидаги энг чекка, кўздан пана хона Акром аканики эди. Ўғил болалар физика тўгаригига қатнашар, биз эса томоша учун борардик. Телевизор, турли радиолар, микрофон, яна нимадирлар бўларди.
Бир кеч опам билан кичкинагина радиомизни “Менинг бошим учида турсин”, дея тортишиб, қўлимиздан тушириб юбордик. Даҳшат! Энди қандай яшаймиз?! Иккимиз ҳам тортишувдан тўхтаб, хониши ўчган қора қутига термулиб турардик. Хаёлимга келган чорадан хурсанд бўлиб кетдим: “Акром ака тузатолади!”
Эртасига радиони мактаб сумкамга солиб, олиб бордим. Бирпасда энг катта бойлигимизнинг овози янграй бошлади ва радио доим мен томонда турадиган бўлди! Шу-шу Акром ака қаҳрамонга айланди мен учун! Орадан бир йил ўтиб, тўнғич ўғли қабиҳ ишга қўл уриб қўйди. Отанинг сочлари бир кунда оқарди, қадди букилди. Физика дарсида синфдош болалар савол берди: “Устоз, сиз ҳамма нарсани тузатиб биласизми?”. Акром аканинг “йўқ”, деган жавобидан ҳайратим ошди. Ахир бунақамас-ку! У хўрсиниб гапиришда давом этди: “Болаларимнинг хатосидан бошқа ҳамма нарсани тузата оламан, афсус...”
Энди-энди англаяпман, инсон ўз хатоларини тўғирлаши, кечириши мумкин, аммо боласининг қилмишлари учун бир умр ўзини айблаб яшаркан... Хатолардан сақланайлик... Ота-оналаримиз учун ҳам...”
Муаллиф: Шоира Шагиаҳмедова








