Соч
Болалар мўъжизаларга ишонгани учун ҳам кўнгилларга умид бағишлашади

“Мен уларни яхши танийман. Исмлари, яшаш манзили, нима иш қилишларини билмасам ҳам. Деярли ҳар куни кечки пайт метро вагонида учратаман. Ўттиздан ошган эркак ва унинг чамаси саккиз ёшлардаги қизи. Аслида эътиборимни қизалоқнинг узун сочлари тортган. Чунки доим сочим узун бўлишини истаганман-у, лекин ҳеч ўстира олмайман-да...
Уларнинг қўлларидаги сумканинг ичида овқат идишлари борлиги яққол кўриниб туради. Шифохонадан қайтишаяпти — тахмин қиламан. Бир кун ота ғамгин уҳ тортди. Қизча отасининг қўлларидан қўлларини ўтказиб олганди, кафти билан дадасининг кафтини сиқди ва кўзларига қараб жилмайди. Отаси пешанасидан ўпиб қўйди. Кўзларида ёш милтиллади. Эртасига яна кўрдим, қизалоқнинг кўзлари йиғидан қизарган. Ўриндиққа ўтиргач, дадасидан сўради:
— Онамнинг сочлари ўсса, тузалиб кетадими? Мен уларга сочларимни кесиб берай, дада...
Қизалоқнинг ғамгин, аммо умидли сўзларидан метро яқинида онкология шифохонаси борлиги хаёлимга келди. Унинг онаси саратон хасталигига учраган экан-да... Мурғак юракчанинг нияти ижобат бўлиб, онаси дардига даво топишини мен ҳам Яратгандан сўрадим. Сиз ҳам дуо қилинг, барча оналар, оталар фарзандлари бахтига соғ бўлишсин...
Болалар мўъжизаларга ишонгани учун ҳам кўнгилларга умид бағишлашади”
Муаллиф: Шоира Шагиаҳмедова








