АҚШ Киевга юқори мартабали амалдорни жўнатиши мумкин
У Зеленский билан учрашади

Вашингтон Киевга президент администрациясининг юқори мартабали амалдорини юбориш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico газетаси хабар берди.
Украинага борадиган амалдор Зеленский билан учрашади. Газета суҳбатлашган икки мансабдорнинг сўзларига кўра, ташриф билан борадиганлар орасида президент Жозеф Байден, вице-президент Камала Харрислар ҳам бор. Аммо катта эҳтимол билан Киевга вазирлардан бири, давлат котиби Энтони Блинкен ёки мудофаа вазири Ллойд Остинлардан бири учиб кетади.
Нашр манбаларининг қўшимча қилишича, ушбу ташриф хавфсизлик нуқтайи назаридан олдиндан эълон қилинмайди. Шу билан бирга Украинадаги ҳарбий вазиятга қараб Америка расмийлари умуман келмаслиги ҳам мумкин.
Аввалроқ Борис Жонсон Украинага боргани тўғрисида хабар берилганди.







