Эронда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди
Ҳозирда улуғ алломаларимиз битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги жамоаси томонидан Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси кўмагида амалга оширган хизмат сафари давомида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари топилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар бермоқда.
“Эроннинг шимоли-ғарбида Темурийлар даврининг кўплаб маданий мерос обидалари мавжуд. Амир Темур Эронга ташрифи давомида Машҳад провинсиясидаги Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан дўстлашиб қолган. Узоқ йиллар давомида у билан ёзишиб турган. Ушбу дўстлик ҳурмати Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Тойинобод шаҳрида ажойиб масжид қурдиради. Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва кўплаб алломаларимизнинг дўстона муносабатларини ўзида муҳрлаган. Шуниси диққатга сазоворки, кўп ҳукмдорлар ва таниқли арбоблар бу масжидга келиб, намоз ўқишни ўзлари учун шараф деб билишган. Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, уларда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдиришган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик – Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик”, — деди агентлиги директори биринчи ўринбосари Т.Қўзиев.
Хабарга кўра, айни дамда улуғ алломаларимиз битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.







