Бизга душманнинг кераги йўқ
Бухородаги “Ситораи Моҳи Хосса” саройини реставрация қилиш ишлари нотўғри олиб борилгани учун саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.

Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан "Ситораи Моҳи Хосса" тарихий мажмуасидаги реставрация ишлари ҳолати ўрганилди. Ўрганиш давомида таъмирлаш ишлари маданий мерос обектларини реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, таъмирлаш-реставрация лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмаган, тегишли рухсатномалар олинмаган ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилган. Мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.
Агентлик томонидан ўрганиш ишлари якунлари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди. Айни вақтда Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатлар бўйича мутасадди мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.







