Ўзбекистонда четдан олиб келинадиган кунгабоқар ва бошқа мойли экинлар ҚҚСдан озод қилиниши мумкин
Шавкат Мирзиёев бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бугун, 15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, дунёда содир бўлаётган воқеалар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиб бормоқда. Бундай шароитда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг иқтисодий чораси озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир.
Шу боис бу йил мамлакатда 7 миллион 700 минг тонна буғдой, 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, ички бозорни маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган.
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
Аввало, янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ердан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилган. Бунинг 80 минг гектари қисқартирилган пахта ва ғалла майдонлари бўлиб, 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида берилган. Бу ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, дегани.
Давлат раҳбари деҳқонларни энг қийнайдиган масала сифатли уруғ топиш ва етиштирган маҳсулотини сотиш эканини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш, маҳсулотни кафолатли сотиб олиш бўйича кўрсатмалар берган. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Маҳсулот етиштириш учун яна бир манба сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерлардир. Бу майдонларга ирригация тармоқлари тортиб, тадбиркорларни жалб этиб, мос келадиган экинлар экиш чоралари белгиланган.
Илгари фойдаланишдан чиққан 135 минг гектар ерни қайта тиклаш ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қўшимча имконият экани таъкидланган.
Бугунги кунда аҳоли ихтиёрида 380 минг гектар томорқа бор. Уларда мева-сабзавотлар етиштирилса, ҳам рўзғорга барака, ҳам умумий бозоримизга қўшимча маҳсулот киради. Бунинг учун молиявий тизим ҳам бор: шу йил 21 февралда томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилган.
Бу борадаги энг катта муаммо сув таъминоти бўлиши мумкин. Шу боис, Сув хўжалиги вазирлигига ҳар бир маҳалла кесимида канал ва ариқларни тозалаш, сув таъминоти оғир жойларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиб, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш вазифаси қўйилган. Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўмдан йўналтирилиши айтилган.
Шунингдек, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланган. Унга кўра, 1 октябрга қадар 4 минг 500 километр суғориш тармоқлари тозаланади, 231 километри бетонланади, 3 мингта гидротехника иншооти таъмирланиб, 3 мингдан зиёд насос ўрнатилади, 281 та қудуқ қазилади.
Аграр тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.
2022 йил учун тижорат банкларига 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилган. Лекин бугунги кунгача тижорат банкларига киритилган 790 миллиард сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25-30 фоизи молиялаштирилган, холос. Тижорат банкларининг бу борадаги фаолияти танқид қилиниб, қўшимча кўрсатмалар берилган.
Бошоқли дон ва ўсимлик ёғи хомашёсини кўпайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилган. Четдан олиб келинадиган кунгабоқар, соя ва бошқа мойли экинлар бўйича божхона имтиёзлари бериш ҳамда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш таклифи билдирилган.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга оид бўлган.
Сўнгги вақтларда айрим ҳудудларда тадбиркорлар фаоллиги пасайгани, улар кредит, солиқ ва инфратузилма билан боғлиқ қийинчиликларга учраётгани кўрсатиб ўтилган.
Шу боис давлат раҳбари тадбиркорларга рағбат ва мадад бўладиган кўплаб ташаббусларни илгари сурган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча маблағ ажратиш ҳамда молиявий ёрдамлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилган.
Хизматлар соҳаси учун тижорат банклари орқали тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилиши белгиланган. Бунда, кредит ставкаси, Тадбиркорлик жамғармаси компенсациясини ҳисобга олган ҳолда, 18 фоиздан ошмайди.
Шу билан бирга, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 300 миллион доллар ресурс берилади. Бу маблағ тадбиркорлар учун энг яхши шартлар таклиф қилган банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада жойлаштирилади. Бунда, тадбиркорга тақдим этиладиган кредит ставкаси 14 фоиздан ошмайди.
Экспортчи корхоналарнинг муаммолари таҳлил қилиниб, қўшимча имкониятлар белгиланган. Энди уларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этилиб, 80 фоиз маблағлар қўшимча текширувларсиз 7 кун ичида қайтариб берилади.
Экспорт масалаларини доимий ўрганиб, уларни тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича янги тизим яратилади. Узлуксиз ва доимий ишловчи штаб тузилади, “1094” рақамли “колл-марказ” ташкил этилади. Улар асосида мутасаддилар экспортчилар билан учрашиб, муаммоларини жойида ҳал қилиб боради.
Тадбиркорлик учун ер участкаларини аукционга чиқариш ҳам долзарб масала. Шу боис, бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ишчи гуруҳ тузилди. У бўш ерларни “маҳаллабай” аниқлаш, профессионал ташкилотларни жалб қилиб, лойиҳаларни шакллантириш, ер участкаларини тадбиркорларга жозибадор қилиб сотиш ишларини мувофиқлаштиради.
Президент 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизимини соддалаштириш вазифасини қўйган.
Авваламбор, мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилганини инобатга олиб, самарасиз ишлатилаётган объектлар бўйича таъсирчан солиқ механизмини (қўшимча юқори солиқ ставкалари) қўллаш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади.
Жорий йилда тадбиркорлар фаолиятини текширишлар сони ошгани қайд этилди. Асоссиз аралашувларнинг олдини олиш учун энди 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилиши белгиланган.
Рухсатнома бериш талабларини ҳам янада соддалаштириш зарурлиги таъкидланган. Умумий овқатланиш муассасалари учун санитария талабларини қайта кўриб чиқиб, эскирган талабларни бекор қилиш, етказиб бериш хизматлари билан шуғулланувчилар учун енгилликлар жорий этиш вазифаси қўйилган.
Йиғилиш сўнгида давлатимиз раҳбари жамоатчилик эътиборини маблағлардан оқилона фойдаланиш масаласига қаратди.
– Бугун тадбиркорлик учун жуда катта кредит маблағлари – қўшимча 500 миллион доллар ажратилмоқда. Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашамиз шарт. Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм – бюджетданми, банкданми – бу ҳаммаси халқнинг пули, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маблағларни ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтириш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган иккита соҳа бўйича ҳокимлар “йўл хариталари” асосида аниқ режаларини баён қилди.








