Россия ЮНЕСКО таркибидан чиқариладими?
Федерациянинг халқаро ташкилотдаги вакили бунга ойдинлик киритди.

Аввалроқ Украина Россияни ЮНЕСКОдан чиқариб юборишни талаб қилганди. Федерациянинг халқаро ташкилотдаги доимий вакили, элчи Александр Кузнетсов давом этаётган воқеалар фонида мамлакатнинг ЮНЕСКО таркибидан чиқиши учун ҳеч қандай асос йўқлигини маълум қилди.
“ЮНЕСКО Европа Кенгаши эмас, бу глобал ташкилот, глобал гуманитар форум, у 193 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, улар орасида бизнинг кўплаб дўстларимиз ва ҳамкорларимиз бор”, - деган у.
Кузнетсовнинг айтишича, Ғарб давлатларининг Россияни махсус ҳарбий операсия сабаб ЮНЕСКОда яккалаб қўйишга уринишлари Хитой ва Ҳиндистон “конструктив ёндашувини ўзгартирмагани” туфайли муваффақиясизликка учраган.
Эслатиб ўтамиз, Россия 16-март куни Европа Кенгаши аъзолигини тўхтатди. Бундай қарор Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси томонидан қабул қилинган. Европа Иттифоқи эса Россиянинг ўзи Европа Кенгашидан чиқишга қарор қилгани ҳақида хабар берган.








