Самарқандга электобуслар келтирилиши кутилмоқда
Вилоятга янги автобуслар олиб келиш орқали 800 дан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида соҳа мутасаддилари тизимда кутилаётган қатор янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, жамоат транспорти хизмат сифатини ошириш, маънан эскирган автобусларни янгиларига алмаштириш, унинг ишлаш механизмини тартибга солиш режалаштирилган. Биринчи навбатда, автобус паркини янгилаш, “яшил шаҳар” лойиҳаси доирасида электробуслар ва замонавий автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш каби ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича қатор амалий ишлар бошланган.
Шу йил февраль ойида вилоят инвестициялар бошқармасида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги вакили иштирокида қулай транспорт тизимини яратишда электробусларнинг ҳаракатини йўлга қўйиш муҳокама қилинган ва бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.
Бошқарма бошлиғининг сўзларига қўра, ушбу лойиҳа доирасида европалик мутахассислар Самарқанд шаҳрида бўлган ва жараён билан танишган. Ҳозирда ЕТТБ мутахассислари томонидан электробуслар хариди борасида техник шарт ва тендер ҳужжатлари тайёрланяпти.
Янгидан ташкил қилинган “Самарқандйўловчитранс” давлат корхонасига янги замонавий автобуслар олиб келиниши билан ҳайдовчи ва техник ходимларни ишга қабул қилиш орқали 800 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш учун лойиҳага асосан автобуслар 43 та йўналиш бўйича ҳаракатланади. Ушбу йўналишларнинг 10 таси асосий ташув йўналиши ҳисобланса, қолган 33 та ёрдамчи йўналишлардир. Бу билан ҳозирда мавжуд муаммоларга, яъни бекатларда ортиқча тўхташ, оралиқ вақтга амал қилмаслик, кимўзарга қувиб ўтишларга барҳам берилади. Шу билан бирга, автобуслар қатнови кечки пайт белгиланган вақтгача давом этади. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча автобусларга кузатув камералари ўрнатилади ҳамда JPC тизими орқали назорат қилинади.
Таъкидланишича, Самарқандда қулай транспорт тизимини яратиш лойиҳасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, олиб келиниши режалаштирилган автобуслар замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, нақд пулсиз тўлов турига мўлжалланган, иситиш-совутиш тизими мавжуд ҳамда жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун бир қатор қулайликларга эга.








