Япония Россиянинг ракета синовлари тўғрисида маълумот тўплай бошлади
Пайшанба куни РФ Тинч океанида қанотли ракеталар учирганди.

Япония Россиянинг Тинч океанида ўтказган ракета синовлари юзасидан маълумот тўплашни бошлади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Нобуо Киси маълум қилди.
РФ Тинч океани флоти пайшанба куни икки сувости кемасидан Япон денгизида "Калибр" қанотли ракеталарини учирган эди. Москва уларнинг муваффақиятли ўтганини таъкидлаган.
"Бизнинг мамлакатимизга яқин жойлашган ҳудудларда Россия қуролли кучларининг фаоллиги ошди. Бу янги қуролларни жойлаштириш ва ҳарбий машғулотларни ўтказишни ўз ичига олади. Биз хавотир билан сўнгги ракета синовлари юзасидан маълумот тўплаяпмиз ва хавфсизлик чораларини кучайтирмоқдамиз", — деган Япония мудофаа вазири.
Аввалроқ АҚШ март ойида гипертовушли ракета синовини ўтказгани тўғрисида хабар берилганди.







