Ҳиндистон Россиядан ҳарбий вертолёт сотиб олишни тўхтатди
Аммо бу қарор Украинадаги уруш билан боғлиқ эмас.

Ҳиндистон Россиядан 48 та “Ми-17В5” русумли ҳарбий вертолётларини сотиб олишдан бош тортди. Бу ҳақда “India Today” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу қарор Украинадаги уруш билан боғлиқ эмас. Қарор уруш бошланишидан анча олдин Бош вазир Нарендра Моди томонидан имзоланган “Make in India” миллий дастурини қўллаб-қувватлаш дастурига киритилган.
“Шартномани ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳарбий ҳаво кучлари маҳаллий ўрта кўтарувчи вертолётлар дастурини қўллаб-қувватлайди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ҳиндистон билан 80 та “Ми-17” русумли вертолётларини етказиб бериш бўйича шартномани 2011-йил июн ойида имзолаган эди.
Аввалроқ Германия Ҳиндистонни Россия Федерациясига қарши санкцияларга қўшилмагани учун жазолашга тайёрлиги хабар қилинганди. Ҳиндистон Россия Федерациясининг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқарилиши учун овоз беришда бетараф қолган ва санкциялар киритмаган.








