Тошкентда ноқонуний боқилаётган шер боласи аниқланди
Ҳолат юзасидан Экология қўмитаси маълумот берди.

16 апрель куни Тошкент тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига шу туманда яшовчи фуқаро ўзи яшаётган уй ҳовлисида Африка шерининг боласини сақлаётгани ва ҳеч бир хавфсизлик қоидаларига амал қилинмай боқилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган.
Айтилган манзилда ўрганиш олиб борилганда ушбу хонадонда вақтинча яшовчи 18 ёшли фуқаро Африка шерининг боласини боқаётгани маълум бўлган.
Фуқародан ушбу шер боласини олиб келиш, сақлаш каби ҳолатлар бўйича керакли ҳужжатлар сўралганда ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтиб, ўзининг қизиқиши туфайли ҳовлисида боқишини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, далолатномалар тузилган ва вақтинча сақлаш учун шер боласи “STEPPE TURTLES” ф/х питомнигига суд қарори қабул қилингунига қадар топширилган.








