Саудия Арабистони Яман президентини истеъфога чиқишга мажбур қилган — WSJ
Ар-Риёдда 30 март — 7 апрель кунлари Яман бўйича музокаралар бўлиб ўтганди.

Яман президенти Абд Раббо Мансур Хади Саудия Арабистони босими остида истеъфога чиққан. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси хабар берди.
Газетанинг Яман ва Саудия амалдорларига асосланиб тарқатган маълумотларига асосан, Ар-Риёдда Яман низоси томонлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Мухаммад бин Салмон президентга ўз ваколатларини топшириш бўйича ҳужжат тақдим этган. Шунингдек, у музокараларнинг барча иштирокчилари Хадининг истеъфосига розилик билдирганини айтган. Газета манбалари, шунингдек, саудияликлар Яман етакчисига унинг коррупцияга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ошкор қилиш билан таҳдид қилганини қайд этишган.
7 апрелга ўтар кечаси Хади Президент бошқарув кенгаши тузилганини ва ўзининг барча ваколатларини ўтиш даврида ушбу тузилмага топширишини эълон қилди. Кенгаш раҳбари этиб Рашод Муҳаммад ал-Алимий тайинланган. У Саудия Арабистони билан қалин алоқаларга эга деб тахмин қилинади.
Яманда фуқаролар уруши 2014 йилдан буён давом этмоқда. 2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигида коалиция марказий ҳукумат томонида урушга қўшилди. Ушбу низо йирик гуманитар инқирозга олиб келди. БМТ маълумотларига кўра, 24 миллион яманлик (аҳолининг 80 фоизи) гуманитар ёрдамга муҳтож.
Аввалроқ Саудия нефть объектларига Яман хусийлари ҳужум уюштиргани тўғрисида хабар берилганди.







