Тошкент вилоятида “Lada-Largus” “Isuzu” билан тўқнашиб кетди
Ҳодисага ҳайдовчилардан бирининг ухлаб қолиши сабаб бўлган.

Бугун, 18 апрель куни соат 06.15 да Янгийўл тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида иккита автомашина иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Lada-Largus” русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида ухлаб қолиб, йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган “Isuzu” русумли юк машинасининг орқа томонига бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида “Lada-Largus” автомобили ичида бўлган икки нафар йўловчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир йўловчи шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








