Шер тишлаб олган боланинг соғлиги ҳақида маълумот берилди
Ҳозир унинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли.

Ижтимоий тармоқда 7 апрель куни Тошкент туманидаги уйларнинг бирида ноқонуний боқилаётган шер боласи соат 17:30 ларда онаси ва ҳомиладор янгаси билан дўконга сут олиш учун чиққан болакайга ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Қайд этилишича, тўсатдан орқа томондан келиб ташланган йиртқич боланинг бош ва елка қисмини тишлай бошлаган. Она фарзандини шер оғзидан қутқариб қолган. Воқеа кечки пайт, шернинг эгалари жониворни уйдан ташқарига айлантириш учун олиб чиққан пайтда юз берган.
Болакай Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонасига “Бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар“ ташхиси билан стационар даволаниш учун ётқизилган.
Унга қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланилиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилган. Патологик синиш аломатлари кузатилмаган. Ёш бемор нейрохирург, неврапатолог ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан консультация қилинган.
Ҳозирда болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назоратга олган. 2-сонли клиник шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан беморнинг ҳолати мунтазам тарзда текшириб борилмоқда.








