Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Олтин шер” мукофоти билан тақдирланди
Маълум қилинишича, ҳоким тадбиркорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотланган.

Бугун, 20 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида “Эквиум-Ўзбекистон” ҳамжамият ваколатхонасининг расмий очилиши бўлиб ўтган. Унда, шунингдек, 70 дан ортиқ россиялик ва 200 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар иштирок этган.
“Эквиум-Ўзбекистон” бизнес клуби Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Олтин шер” мукофоти билан тақдирлаган.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрига Россия ва Қозоғистоннинг 18 та ҳудудидан 600 дан ортиқ бизнес асосчилари ва тадбиркорларини бирлаштирган “Эквиум” ҳамжамиятининг вакилларидан иборат делегациянинг бизнес-миссия мақсадидаги ташрифи амалга оширилмоқда.
Ҳамжамиятнинг яқин келажакдаги режалари Ўзбекистон бозорини ўрганиш, маҳаллий бизнес-ҳамжамиятлар ва тадбиркорлар билан ўзаро алоқаларни шакллантириш, иштирокчи компаниялар тақдим этаётган хизмат ва товарларнинг Ўзбекистон бозоридан ўрин олишига эришиш ҳамда келгуси савдо-инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш учун шерикларни излаш каби вазифалардан иборат.








