Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйида болалар намойиш ўтказди
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Ижтимоий тармоқда Юнусобод туманидаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамширанинг бинога киришига қаршилик қилиб, плакатлар кўтариб чиққани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, юзага келган вазият юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, Болалар бўйича омбудсман, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокими, Миллий гвардия, шаҳар прокуратураси ва тегишли мутассадилар ушбу муассасага келиб, вазиятни ўрганишган.
Аниқланишича, муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шаклланган.
“Айни дамда муҳит барқарор, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари кун тартиби бўйича шуғулланмоқдалар, вазият назоратга олинган”,— дейилади хабарда.








