Тошкентда “Ҳудудгаз” ходими пора билан қўлга тушди
У тадбиркордан 1100 АҚШ доллари талаб қилган.

Юнусобод туманида тадбиркордан 1100 АҚШ доллари талаб қилган муҳандис ушланди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда “Худудгаз пойтахт” газ таъминоти филиали “Юнусобод тумангаз” бўлимининг улгуржи истеъмолчилар бўлими муҳандиси пора билан қўлга тушган.
У тадбиркорга тегишли савдо шаҳобчасига табиий газ тармоғини ўтказиб бериш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилган. Дастлаб ходим келишилган пулнинг 100 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалоқ Тошкент тумани ҳоким ёрдамчиси 30 минг АҚШ доллари пора билан қўлга олингани хабар қилинганди.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ








