Самарқандда психотроп дори сотаётган шахслар ушланди
Улар салкам 8 минг долларлик савдо устида қўлга тушган.

Самарқанд шаҳрида 7900 АҚШ долларлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати.
Қайд этилишича, Департамент ҳамда ДХХ ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрининг “Чашма” МФЙ ҳудудида жойлашган меҳмонхонада тезкор тадбир ўтказилган.
Унда икки нафар фуқаро 4892 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини жами 7900 AҚШ долларига сотишга келишиб, 7500 АҚШ доллари ва 4,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрининг “Термиз” кўчасида қарийб 5 минг дона психотроп модда аниқланганди.








