Жиззахдаги кучли сел 100 дан ортиқ қабрни оқизиб кетди
Ҳудудда юқумли касаллик тарқалиши бўйича ўтказилган лаборатория хулосалари эълон қилинди.

Жорий йилнинг 20 апрель куни Жиззах вилоятида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоғининг Боғистон ва Чўлпон кўчаларида жойлашган аҳоли турар-жойлари сел оқимларидан зарар кўрди. Вилоят ФВВ ҳудуддаги ҳолат бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, сел сувларининг бир қисми мазкур қишлоқнинг юқори қисмида жойлашган “Бойқўчқор ота” қабристонидаги 100 дан ортиқ қабрларга ҳам зиён етказган.
Эгизбулоқ қишлоғида ташкил этилган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штаби томонидан ҳудудда ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиши ҳамда заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси билан ҳамкорликда барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган.
Жумладан, Фориш тумани ободонлаштириш бошқармасининг 95 нафар ходимлари томонидан “Бойқўчқор ота” қабристонида зарар кўрган 62 та қабрдаги жасадлар санитария қоидаларига мувофиқ қайта кўмилиб, зарарсизлантириш ишлари бажарилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг 32 та ходими ва 3 та махсус техникаси ёрдамида қабристон ва унинг атрофи ҳамда ҳайвон жасадлари кўмилган жойлар тўлиқ дезинфекция қилинган.
“Бойқўчқор ота” қабристонидаги ариқ сувларидан олинган 9 та намуна, қабристон ва унинг ташқарисидан олинган тупроқ намуналари лаборатория текшируви учун юборилган. Олинган лаборатория хулосаларига кўра, барча таҳлил натижалари меъёрида эканлиги маълум бўлган. Юқумли касаллик қўзғатувчи вирус ва бактериялар аниқланмаган.








