Май ойида Байден Шарқ мамлакатларига сафар қилади
Мезбон давлатлар — Япония ва Жанубий Корея.

АҚШ президенти Жо Байден май ойининг охирида Япония ва Жанубий Кореяга ташриф буюради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.
“Президент Жозеф Байден ҳукуматларимиз, иқтисодиётларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш мақсадида 20-24 май кунлари Корея Республикаси ва Японияга ташриф буюради”, — дейилади Псаки баёнотида.
Қайд этилишича, Байден ҳар бир давлатда маҳаллий етакчилар – Корея Республикасининг янги сайланган президенти Юн Сок Ел ва Япония бош вазири Фумио Кисида билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
“Раҳбарлар ҳаётий муҳим хавфсизлик муносабатларимизни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришиш учун яқин ҳамкорлигимизни кенгайтириш йўлларини муҳокама қиладилар”, — деди матбуот котиби.
Шунингдек,Токиода АҚШ президенти Австралия ва Ҳиндистон раҳбарлари билан ҳам учрашади.







