Фарғонадаги боғчада фуқаролар ўзаро жанжаллашди
Унда мактабгача таълим бўлими бошлиғининг ўғли чопқи билан таҳдид қилган.

Ижтимоий тармоқда Учкўприк туманидаги боғча ҳудудида туман бўлими мудирасининг ўғли ва 11-давлат мактабгача таълим ташкилотининг собиқ мудираси ва синглиси ўртасида жанжал акс этган идео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан тезкор ўрганиш олиб борилиб, расмий муносабат билдирилди.
Маълум қилинишича, 28 апрель куни Учкўприк тумани Милтиқчи қишлоғида жойлашган 11-МТТга янги мудира тайинланганлиги сабабли таништирув жараёнида собиқ боғча мудираси, унинг онаси ва синглиси шунингдек, туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи ўрталарида жанжал келиб чиқади. Оқибатда икки нафар фуқарога тан жароҳати етказилган.
Мазкур жанжалга туман мактабгача таълим бўлими бошлиғининг ўғли аралашиб, собиқ боғча муридаси ва унинг оила аъзолари билан жанжаллашиб, автомашинаси юкхонасида бўлган чопқи (дасткалла) билан онасини яна безовта қилишса, шу билан чопиб ташлашлигини билдириб, таҳдид қилган.
Ҳолат шу куннинг ўзида туман ИИБ томонидан ўрганилиб, бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ва томонларнинг жароҳатлари юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.








