Бухорода 30 ёшли аёл эри билан жанжаллашиб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди
У истироҳат боғидаги дарахтга ўзини осган вақтида қутқариб қолинган.

Бухоро шаҳрида “Сомонийлар истироҳат боғи”даги дарахтга ўзини осмоқчи бўлган аёл қутқариб қолинди. Бу ҳақда Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа кеча, 30 апрель куни соат 20.30 атрофида содир бўлган. “Сомонийлар истироҳат боғи”да жамоат тартибини таъминлашга жалб қилинган Миллий гвардия ходимлари боғнинг дарахт гавжум қисмида ўз жонига суиқасд қилишга уринган аёлни дарахтда осиғлиқ ҳолатда, типирчилаётган вақтда қутқариб қолишган.
Суриштирув давомида аёлнинг Ғиждувон туманида туғилгани ва ҳозирда Вобкент туманида истиқомат қилиши, шунингдек, 2 нафар фарзанди борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, аёл турмушидан ажрашган ва бир неча ой аввал эри билан жанжаллашиб қолиб, шундан сўнг ўз жонига қасд қилишга уринган.
Айни пайтда фуқаронинг аҳволи қониқарли ҳамда ҳодиса юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








