Самарқандда “Микрокредитбанк” раҳбари пора билан қўлга тушди
У тадбиркорга 2 млрд сўм кредит ажратиб бериш учун 10 минг АҚШ доллари сўраган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда банк раҳбари пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Микрокредитбанк” раҳбари Самарқанд шаҳридаги МЧЖга 2 млрд сўм кредит ажратиб бериш эвазига тадбиркордан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. Раҳбар 4 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, тадбиркордан сўралган пулнинг қолган 6 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мансабдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда “Қишлоққурилишбанк” ходими 30 млн сўм пора билан қўлга тушганди. У фуқарога Урганч шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 2 тасини танишлари ёрдамида 20 йиллик ипотека кредити орқали олиб бермоқчи бўлган.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ








