Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги қурилган йўлни бориб кўрди
Мазкур йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга.

Бугун, 3 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги очилган мажмуа – янги йўл ва кўприкни бориб кўрди.
Унинг қурилиши 2020 йил августда бошланган эди. Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилди. Бу орқали Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан самарали боғланди.
Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўларди.
Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига жуда катта қулайлик яратади.
Кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари оқилона лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши мумкин.
Яна бир томони – ҳавога таъсири. Янги йўл очилиши натижасида ҳавога зарарли газ чиқиши 3 баробарга камаяди.
Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган.
Шу ерда Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари қуриш ва шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти ўтказилди. Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланди.
Давлат раҳбари йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳамма жойда йўл қуриб ёки кенгайтириб бўлмайди. Кўп нарса қатновни тўғри ташкил этишга ҳам боғлиқ. Энди йўлларнинг, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шу ерда тошкентлик нуронийлар, жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашди.
“Миллий қадриятимизга кўра, йўл ва кўприк қуриш – савоб. Одамларнинг узоғини яқин қиладиган бу йўл ҳозирги улуғ айём кунларида очилаётгани ҳам қувонарли. Илгари “Сергелида 10 та уй қурса бўладими” деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз”, - деди давлат раҳбари.








