Жиззахда сел 20 ёшли фуқарони оқизиб кетди
Ҳолат юзасидан ФВВ маълумот берди.

Бугун, 4 май куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик бўлди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, туманнинг “Пишоғар”, “Аччи” ва “Шўрча” қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувларинининг оқиши кузатилган.
Ҳодиса оқибатида сел сувлари “Жиззах—Зомин” автомобиль йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25-, 26- ва 27-километрлари устидан тошиб, яна сой ўзани бўйлаб оқиб ўтган.
Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар сувда оқиб келаётган “Пишоғар” ҚФЙ Қонғли қишлоғида яшовчи 20 ёшли фуқарони қутқариб олган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг аҳволи яхши, тан жароҳати олмаган.
Вилоят ФВБ қутқарувчилари тегишли хизматларнинг куч ва воситалари билан сел сувлари тошган кўчалар, аҳоли хонадонлари ўрганишмоқда. Йўлларда хавфсизлик ЙПХ ходимлари томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Жиззах вилоятида кузатилган сел Фориш туманидаги 100 дан ортиқ қабрларни оқизиб кетганди.








