Cпортчи Элбек Раҳимовнинг қотиллари 20 йилгача қамалди
Жиноят юзасидан 26 киши суд қилинди. Уларнинг 3 нафари ички ишлар органи ходими бўлган.

2021 йилнинг август ойида Қашқадарёда 31 ёшли спортчи Элбек Раҳимовни бир гуруҳ йигитлар уриб, ўлдиришгани хабар қилинганди. Қотиллик юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан иш қўзғатилган.
Бугун, 5 май куни Қашқадарё вилоят судида 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс, 3 нафари эса ички ишлар органларининг собиқ ходимлари ҳисобланади.
Суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ИИОнинг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 млн 800 минг сўм моддий зарар ва 150 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.








