Россия дипломати озиқ-овқат танқислигининг асл сабабини очиқлади
У Москва бу муаммога айбдор эмаслигини айтган.

Россия дунёдаги озиқ-овқат инқирозига сабабчи эмас. Бу ҳақда РФнинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Москва озиқ-овқат танқислигига умуман алоқадор эмас ва ушбу муаммога Ғарб санкциялари сабаб бўлиб қолмоқда. Антонов бу каби айбловларни “ўта деструктив” деб атаган.
“Ҳамкасбларимиз бутун дунёни Россияга қарши санкциялар унинг экспорт салоҳиятига таъсир ўтказганига ишонтирмоқчи... гап энг аввало қатор рус банкларининг SWIFT тизимидан узиб қўйилиши ва бизнинг транспорт секторимизга қўйилган чекловлар ҳақида кетмоқда”, – деган у.
Элчининг қўшимча қилишича, барча тўсиқларга қарамай, Россия озиқ-овқат ва минерал ўғитлар бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришда давом этади.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги озиқ-овқат танқислигига қарши курашмоқчи эканлиги тўғрисида хабар берилганди.







