Тошкентда 300 дан ортиқ психотроп дори аниқланди
Уни сотаётган шахсларга жиноят иши очилган.

Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Департаментнинг Бектемир туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлгида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро У.А. икки нафар шахсдан кучли таъсир қилувчи 90 дона “Тебантин” номли дори воситасини харид қилганлиги аниқланган. Унинг кўрсатмасига асосан давом этган тадбирда фуқаро Қ.А.га тегишли “Nexia” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, яна 156 дона “Тебантин” номли дори воситалари борлиги маълум бўлади.
Яна бир тезкор тадбирда фуқаро Ш.Х. харидорга 1 дона “Тропикамид” номли дори воситасини 100 минг сўмга сотганлиги аниқланиб, Ш.Х. ва унинг шериги М.Р.нинг ёнидан ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётган 10 дона “Тропикамид” ва 45 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








