Уруш қаҳрамони ҳақида янги ўзбек фильми яратилмоқда
“Осиё арслони” номли картина урушда партизан разведкачиси сифатида иштирок этган Мамадали Топволдиев ҳақида ҳикоя қилади. Унда бош ролни Улуғбек Қодиров ижро этмоқда.

Бугун Фарғонада Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Беларусфильм” киностудияси ҳамкорлигида ўзининг жасорати ва ватанпарварлиги билан машҳур бўлган Улуғ Ватан уруши қаҳрамонига бағишланган фильмнинг суратга олиш ишлари бошланди.
Фарғона бўлиб ўтган анъанавий “ликопча синдириш” маросимига “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский, агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, суратга олиш гуруҳлари аъзолари ва киноижодкорлар жамоаси ташриф буюрди.
“Осиё арслони” фильми дўстлик, ҳаёт учун кураш, ўзгаларни ҳаётини сақлаш ва фидойилик ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбек ва Беларус кинематографи томонидан тенг улушларда молиялаштирилаётган фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда партизан разведкачиси сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев (Беларус партизанлари уни “Казбек” деб аташган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильмга “Мен террорчи эмасман” фильми билан танилган Мухаммадали Искандаров режиссёрлик қилади.
Мамадали Топволдиев асирга тушиб, қочиб кетади ва партизанлар сафига қабул қилинади. У кўприклар ва йўлларни миналайди, душманнинг 19 та эшелонини рельсдан чиқариб юборади, фашистлар Германиясига ақлга сиғмайдиган зарар етказади ва уларни даҳшатга солади. Қўл жангида у 76 фашистни йўқ қилади, битта немис генералини ва ғалаба учун қимматли маълумотларни тақдим этган жуда кўп офицерларни асирга олади. Нацистлар Казбекнинг боши учун 50 минг рейхсмарка ваъда қилишади! Унинг номи билан боғлиқ бир нечта ҳикоялар мавжуд. Ҳар бир операциядан кейин у дарахтга ханжар билан Казбек номини ўйиб ёзиб қолдирарди, шу тарзда у ўз изини қолдирган ва немисларни қўрқувда ушлаб турган. Мамадали Топволдиевнинг хизматдошлари уни Кавказдаги улуғвор тоғга қиёслаб, Казбек деб аташган, немислар эса Осиё арслони номини беришган. 1944 йилда Сталин унга “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонини берган.
“Ўзбекфильм” киноконцерни директори Баҳодир Одиловнинг маълумот беришича, бош ролга Улуғбек Қодировнинг танланиши бежиз эмас.
“Биз актёрни АҚШдалигида таклиф қилган эдик. У роль устида синчковлик билан ишлашда давом этмоқда ва ҳатто 25 килограмм ташлашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон ёшлари уни яхши кўради ва у қаҳрамон образини муносиб гавдалантира олади, деб умид қиламиз. Фильм лойиҳасини молиялаштириш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди. Кинематография агентлиги ва Беларусфильм харажатларни тенг улушда қоплайди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам муносиб ҳиссаси билан лойиҳани қўллаб-қувватлайди деган умиддамиз, – дейди Б.Одилов.
Фильм реалистик жанговар саҳналар, кинохроникалар ва чуқур эмоционаллик билан томошабинларни хурсанд қилишни ваъда қилади.








