Қашқадарёда 25 ёшли йигит сув омборига чўкиб кетди
Ҳозирда унинг жасади қутқарувчилар томонидан қидирилмоқда.

Кеча, 10 май куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 25 ёшли йигит сув омборига чўкиб кетди. Бу ҳақда “Nasafnews” хабар бермоқда.
Маълум қилишича, 1997 йилда туғилган фуқаро Қизилтепа маҳалласидаги “Лангар” сув омборига чўмилиш учун дўстлари билан бориб, чўкиб кетган.
Ҳозирда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари йигитнинг жасадини сув омборидан қидирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёнинг Нишон туманида мактаб ўқувчиси магистрал каналга чўкиб кетгани хабар қилинганди.








