Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова қаттиқ бетоб бўлиб қолди
Айни пайтда тажрибали шифокорлар томонидан керакли муолажалар олиб борилмоқда.

Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари А.Журабаев ва Президент матбуот котиби Ш. Асадов вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётган Лола Муратова ҳолидан хабар олишган. Улар беморга давлат раҳбарининг саломини ва тезда шифо топиш тилагини етказишган.
Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д.Тўлаганов, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари Х.Фозилов, Ф.Тўраев, М. Ирисметов, тиббиёт фанлари доктори О.Аҳмедов ва бошқа қатор тиббиёт муассасалари директорларидан иборат консилиум бошчилигида тажрибали шифокорлар томонидан керакли муолажалар олиб борилмоқда.








