Президент Фарғонага ташрифини Олтиариқдан бошлади
Туманнинг замонавий агросаноат мажмуи бўлиши таъкидланди

Шавкат Мирзиёев туман чеккасидаги минг гектар адирликда ташкил этилган токзор ва боғни бориб кўрди.
“Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқаяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни “инсон қадри” тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак,” – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур ҳудудда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.







