Сел Сўх-Риштон йўлидаги транспорт ҳаракатини чеклади
Тошқин оқибатида уйлар ертўлалари ва баъзи бинолар сув остида қолган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган хабарга кўра, 11 май куни кечқурун ёғган қисқа муддатли ёмғир туфайли Фарғона вилоятининг Сўх ва Фарғона туманларида сел оқими кузатилди.
Маълум бўлишича, Сўх тумани Малбут ва Девайрон қишлоқлари сел йўлларидаги сувнинг сой ўзанидан тошиб кетиши Сўх-Риштон автомобиль йўлининг қатнов қисмига лой ва тоғ жинсларини олиб келган. Натижада автотранспорт ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.
Сел оқибатида Малбут қишлоғидаги уйлар ертўлалари, бинолар ҳамда томорқа ерлари сув остида қолган. Ҳозирда муҳандислик техника воситаларидан фойдаланган ҳолда офат оқибатлари бартараф этилмоқда.
Туман ҳокими бошчилигида қутқарувчилар ва бошқа хизмат вакиллари томонидан сельдан жабр кўрган хонадонлар сони аниқланмоқда.







