Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
Ҳокимлик унинг бу ҳаракатини лавозими билан боғлиқ эмаслигини айтмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар пора билан қўлга тушди. Ҳолат юзасидан ҳокимлик расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, фуқаро Э.Ф. муқаддам вилоят Бандлик бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган. 2022 йилнинг 12 январида Ғузор туманидаги “Жонбулоқ” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланган. Унинг янги лавозимга қўйилишида аввалги иш жойидан ижобий тавсифланганлиги эътиборга олинган.
2022 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳоким ёрдамчилари томонидан янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва халқни рози қилиш йўлида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
Шунингдек, коррупция ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳоким ёрдамчилари фаолияти туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш туман маркази томонидан доимий назорат қилиб борилиб, бу борада учрашув ва тарғибот ишлари ўтказилган. Учрашувлар давомида ҳоким ёрдамчиларидан кафолат хатлари олиниб, жараёнлар тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Шунга қарамасдан, жорий йил 12 май куни ҳоким ёрдамчиси Э.Ф. ўз ваколатига кирмайдиган иш — Қарши туманида яшовчи фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига фельдшер лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига фирибгарлик йўли билан 300 АҚШ долларини олган вақтда жиноят устида қўлга олинган.
“Шу боис, ҳокимлик Э.Ф. томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятини оқлаб бўлмаслигини таъкидлаш билан бир қаторда, унинг мазкур жиноий ҳаракати “Жонбулоқ” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси лавозими билан боғлиқ эмаслигини маълум қилади”, — дейилади хабарда.








