Тошкентда салкам 220 млнлик жиноят фош бўлди
Бу ноқонуний дорилар савдоси билан боғлиқ.

Янгийўл туманида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Департамент, ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.И. ва бошқалар дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, хорижда ишлаб чиқарилган жами 1630 қути “Remdesivir for injection”, “Земен”, “Цефасон” ва “Sulmerop” номли тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларини фуқаро Ф.га 219,9 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу пул ҳисобидан 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








