Фарғонада Президентга уста бўлиб кўринган ҳоким ҳайдовчиси ҳақида расмий муносабат билдирилди
Таъкидланишича, ҳайдовчи ўзида дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб устага шогирд тушган.

12–13 май кунлари Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрганди. Ташриф доирасида Президент Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлган.
Ижтимоий тармоқда эълон қилинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган материал эълон қилинди. Унинг ортидан эса Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида чиқишлар пайдо бўлди. Ҳолат юзасидан тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, расмдаги шахс ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов бўлиб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири ҳисобланади.
Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган.
“Кечаги ташрифда ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолатдир”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб билан ҳам шуғулланади.
Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан дарс берган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлаб келади. Узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланган. Ҳозирда “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлайди.








