Тошкент вилоятида 25 та хонадонни сув босди
ФВВ ҳодиса оқибатлари ҳақида маълумот берди.

Кеча, 14 май куни Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида кучли ёғигарчилик кузатилди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кучли ёғингарчилик оқибатида туманнинг “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Яйилмасой” ўзанида ёмғир сувлари тошиши содир бўлиб, “Обод турмуш” кўчасида жойлашган тахминан 25 та аҳоли хонадонлари ва томорқа ер майдонларига сув кирган. Шунингдек, ҳодисада “Навбаҳор” маҳалласи “Обод турмуш” кўчаси ҳудудидаги пойдеворга эга бўлмаган хом ғиштдан қурилган хонадон биносига зарар етган.
“Мазкур ҳолат оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва уй ҳайвонлари нобуд бўлиши тўғрисида маълумотлар келиб тушмади”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан тошқин сувларининг талофати бартараф этилган.








