Жиззахда 300 кг сифатсиз гўшт аниқланди
Жами 14 бош қўй гўшти Тошкентга олиб кетилаётган вақтида тўхтатиб қолинган.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас–14” йўл патрул хизмати масканида 300 кг истеъмолга яроқсиз гўшт аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ИИБ ходимлари “Форд” русумли автомашинани тўхтатиб, унинг ичини текширган. Мазкур жараёнда машина юкхонасида 14 бош қўйнинг 300 килограмм гўшти санитария талабларига зид равишда олиб кетилаётгани аниқланган. Гўштнинг эгаси маҳсулотга оид ҳужжатларни тақдим этмаган ва юкни Тошкентга олиб кетаётгани маълум қилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, гўшт маҳсулотлари сақлаш учун Жиззах шаҳри электр тармоқлари корхонасига қарашли музхонага жойлаштирилган.
“Ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боряпмиз. Маҳсулот ветеринария-экспертиза хулосасига кўра, яроқли деб топилса, гўшт ўз эгаларига қайтариб берилади. Агар истеъмол учун яроқсиз деб топилса, ёқиб йўқ қилинади”, — дейилади хабарда.








