“NestOne”да ишлаган 739 киши ойликсиз қолиб, намойиш ўтказди
Жами 2 млрддан ортиқ маош ўз вақтида тўланмагани аниқланди.

Ижтимоий тармоқда “Tashkent city” ҳудудидаги “NestОne” биноси қурилишида ишлаётган ишчиларнинг маоши ўз вақтида берилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугун, 17 май куни Тошкент шахар давлат меҳнат инспекцияси томонидан тарқалган хабарлар бўйича ўрганиш олиб борилган. Ўрганиш давомида “Nestone” қурилишида ишлаётган 312 нафар ишчининг апрель ойи иш ҳақлари учун 1 млрддар зиёд (1 007 001 825.87) маош “Оzguvn mimarlik inshaat” МЧЖ ХК томонидан ўз вақтида тўлаб берилмагани аниқланган. Шу куннинг ўзида ишчиларнинг маоши тўлаб берилиши таъминланган.
Шунингдек, “Nestone” қурилишида ишлаётган “Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar” ПУнинг 427 нафар ишчиси ҳам апрель ойи учун иш ҳақи олишмаган. Норозилик намойишидан сўнг уларнинг 1 млрддан зиёд (1 346 355 177.06) маоши тўлаб берилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 1066-сонли Низомига мувофиқ, Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2022 йил 17 май куни Оzguvn mimarlik inshaat” МЧЖ ХК ва ”Оzguven tasarim mimarlik” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбари Guven Mehmetra номига ёзма кўрсатма берилган.








