Андижонликлар буғдой ўрнига 8 тонна қум сотишди
Ҳолат юзасидан 4 кишига жиноят иши очилган.

Андижон вилояти Улуғнор туманида буғдой ўрнига қум сотган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 апрель куни фуқаролар Х.Ш., О.Х., М.О. ҳамда Х.Ш.лар ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Телеграм мессенжери орқали қашқадарёлик фуқаро Ғ.С.нинг ишончига кириб, унга буғдой сотиш билан шуғулланишларини айтади ва унинг ҳар бир килосини 4330 сўмдан сотишга келишадилар.
Шундан сўнг фуқаро Ғ.С.нинг Қашқадарё вилоятидан юборган юк машинаси ҳайдовчиси С.M.ни Улуғнор тумани ўрамидан ўтган Балиқчи-Улуғнор транспорт қатнов йўлида кутиб олиб, ҳайдовчини ифторлик қилиб келишини айтган ҳолда чалғитиб олиб кетишади. Фурсатдан фойдаланиб ҳайдовчи қолдирган юк автомобилига буғдой ўрнига 8 тонна миқдоридаги қум маҳсулотини ортишиб С.М.дан 38 миллион 500 минг сўм пул маблағларини олади ва пулларни ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади.
Мазкур ҳолат юзасидан Улуғнор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








