Пентагон матбуот котиби Оқ уйга ўтказилади
Жон Кирби 2021 йил январидан АҚШ мудофаа вазирлиги ахборот хизматини бошқариб келаётганди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби тез орада Оқ уйга ишга ўтиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Унга кўра, Кирби АҚШ миллий хавфсизлиги билан боғлиқ амалдорга айланади ва Оқ уйнинг жамоатчилик билан алоқалари бўйича вакили этиб тайинланади. Унинг янги вазифаси зарурат туғилганда АҚШ президенти матбуот котиби вазифасини бажаришни ҳам тақозо этади.
Кирби 2015-2017 йилларда Қўшма Штатларнинг бош ташқи сиёсий идораси — Давлат департаменти матбуот хизматини бошқарган. 2021 йил январида эса АҚШ мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари этиб тайинланди.
Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки лавозимини тарк этгани тўғрисида хабар берилганди.







