Андижонда 3 нафар фуқаро ЙПХ ходимини ўлдириш билан қўрқитиб, унинг планшети ва рациясини олиб қочди
ЙҲХХ воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқда Андижон вилоятида ЙҲХБ ходимини ўлдириш билан қўрқитиб, унинг хизматда фойдаландиган рация, планшети ва значогини олиб кетиб қолган ҳайдовчи ҳақида xабар тарқалди. Ҳолат юзасидан ЙҲХХ расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 15 май куни Андижон вилояти Жалақудуқ тумани “Ўроқчитепа” МФЙ ҳудудида хизмат олиб борган ЙПХ ходими У.Мухторов томонидан “Captiva” русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. 1979 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.Х. “Tico” автомобилига тегишли бўлган давлат рақам белгисини “Captiva”га ўрнатиб, бошқариб юрганлиги аниқланган. Қоидабузарлик ҳолати бўйича баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Шундан сўнг орадан вақт ўтиб фуқаро Ш.Х. танишлари И.Т. ҳамда Ш.Ш.лар билан ЙПХ ходими У.Мухторовнинг ёнига борган. ЙПХ ходими қонуний чора кўрилганлигини тушунтирган вақтида фуқаролар ходим билан жанжаллашиб, зиддиятли вазиятни юзага келтирган. Мазкур вазиятда фуқаролар ходимга хизматда фойдаланиш учун бириктирилган алоқа воситаси, кўкрак нишон белгиси ҳамда планшет мосламасини олиб, воқеа жойидан яширинган.
Ходимнинг билдиргиси асосида, тезкор ходимларнинг аралашуви билан учала фуқаролар туман ИИБга олиб келинган. Улар олиб кетган воситалар қайтариб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жалақудуқ тумани прокуратураси томонидан фуқаролар Ш.Х., И.Т. ва Ш.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг учаласи ҳам Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








