Қашқадарёда истеъмолга яроқсиз гўшт аниқланди
Жами 160 кг маҳсулот ёқиб йўқ қилинган.

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида “Лаcетти” ҳайдовчиси истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини олиб кетаётган вақтида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 майдан 25 майга ўтар кечаси соат 00:40 атрофида “Қашқадарё–Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган “Лаcетти” русумли автомашина Кўкдала туман ҳудудидаги “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида тўхтатилган. Юкхона кўздан кечирилганда ҳайдовчи Чироқчи туманида яшовчи С.Б. бошқарувидаги автомашинада тегишли ветеринария маълумотномаларисиз, келиб чиқиши номаълум бўлган, тахминан 160 кг оғирликдаги йирик мол гўштларини олиб кетаётгани аниқланган.
Гўшт маҳсулотлари Қашқадарё вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабораториясида текшириб кўрилганда, истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг вилоят ҳайвонлар касалликлар ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази куйдириш печида 160 кг гўшт маҳсулоти йўқ қилинган.








